Ўзбекистон ва Япония раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирди. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестиция, молиявий-техника ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилди.
Икки мамлакат ўртасида савдо-сотиқ соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида ҳукуматлараро мажлислар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Япония ва Япония — Ўзбекистон қўмиталари эришилган келишувларни амалга ошириш, янги имкониятларни излаш ва қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда. Жорий йил январь ойида Токиода мазкур қўмиталарнинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтган эди.